Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Туркия Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича келгуси режалар кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта Туркияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида кўплаб келишувларга эришилди.
Жумладан, Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув якунлари бўйича 10,1 миллиард долларга тенг 158 та янги лойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар саноат, энергетика, тоғ-кон ва геология, транспорт, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини қамраб олган.
Йиғилишда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида кўриладиган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берилди.
Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, ҳунармандчилик маҳсулотларига тариф ва бож ставкаларини камайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини очиш режалаштирилган.
Туркия тажрибаси асосида тоғ-адирларни ўзлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалигини суғурталаш тизимини жорий қилиш, халқаро стандартларга мос ўзбек-турк Уруғчилик тест марказини очиш мўлжалланган.
Президент Туркиянинг йирик компаниялари билан истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Саудия Арабистони билан ҳам инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда, қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланган, сармоялар портфели тобора кенгайиб бормоқда. Подшоҳлик компаниялари иштирокида умумий қиймати 24,1 миллиард долларлик 34 та инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилган.
Мазкур лойиҳалар доирасида жорий йилда жами 2,5 миллиард доллар маблағни ўзлаштириш режалаштирилган. Шу жумладан, йил якунига қадар транспорт, рақамлаштириш, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, энергетика соҳаларида қўшимча 13 та лойиҳалар доирасида 1,5 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилиши кутилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ишини янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш доирасида шакллантирилган экология, тоғ-кон, молиявий ҳамкорлик соҳаларида қиймати 6,5 миллиард долларлик янги истиқболли лойиҳалар юзасидан музокараларни якунига етказиш ва амалий ишларни бошлаш муҳимлиги қайд этилди.
Президентимиз ҳисобот ва режалар билан танишиб, мутасаддиларга хорижий инвестицияларни тўлиқ ва сифатли ўзлаштириш чораларини кўриш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширди.
Инвесторлар билан доимий мулоқот қилиб, улар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тизимли ҳал этиб бориш вазифаси қўйилди.
in Иқтисод