in

Тўқимачилик саноатида товарлар экспортининг диверсификациялашув даражаси аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2016-2023 йилларда тўқимачилик соҳасида товарлар экспортининг диверсификациялашув даражаси ҳамда экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушининг ўзгариши баҳоланди. 

Тўқимачилик саноати эскпортининг товарлар ва давлатлар бўйича диверсификациялашувини аниқлашда Херфиндал-Хиршман индекси (HHI) дан фойдаланилди. HHI кўрсаткичларига кўра, бозордаги рақобат даражаси қуйидаги 3 гуруҳга бўлинади: 

– юқори (0 -1500); 

– ўртача (1500 – 2500); 

– паст (2500 – 10000).

Маълумот учун: HHI бозор концентрациясининг ўлчови бўлиб, рақобат даражасини аниқлашда кенг қўлланилади. Индекснинг энг кичик қиймати 0 га яқин бўлиб, бозордаги рақобат даражаси юқори эканлигини билдиради, 10 000 га тенг максимал қиймат бозорда экспорт бўйича 1 та маҳсулот ёки давлат тўлиқ монополияга эга эканлигини англатади.

Экспорт динамикаси. 2016-2023 йиллар оралиғида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 2 баробар ошди ва 2023-йилда 3,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Тўқимачилик маҳсулотлари эскпортининг умумий экспортдаги улуши эса 2016-йилдаги 13,1 фоиздан 2021-йилда 18,9 фоизга етди. 2022-2023 йилларда соҳанинг экспорт ҳажми 2021-йилдагига нисбатан мос равишда 4,2 фоиз (2022) ва 0,6 фоиз (2023) ўсган бўлишига қарамасдан, умумий экспортдаги улуши пасайиб, 17 фоиз (2022) ва 13 фоиз (2023) ни ташкил этди.

Маҳсулотлар кесимидаги диверсификация. Бу йўналишда диверсификация даражаси йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. HHI кўрсаткичи 2016-йилда 2668 ни ташкил қилган бўлса, 2023-йилга келиб, бу кўрсаткич сезиларли даражада яхшиланди ва 1648 га тенг бўлди. Ўрганилган 8 йил мобайнида мамлакат тўқимачилик соҳаси экспортининг диверсификациялашуви паст бўлган экспорт бозоридан диверсификациялашуви ўртача бўлган бозорга айланди.

Хомашё экспортидан қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортига ўтиш. Пахта толаси эскпорти ҳажми 2016-йилдаги 637 млн. АҚШ долларидан 2023-йилда 70 минг АҚШ долларигача пасайди. Пахтадан йигирилган ипларнинг тўқимачилик саноати экспортидаги улуши эса 2021-йилдаги 51,1 фоиздан 2023-йилда 37,9 фоизгача қисқарди. Ушбу ўзгаришлар тўқимачилик саноатининг тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичига тез суръатларда ўтаётганини кўрсатади. Хусусан, 2016-2023 йилларда машина ёки қўлда тўқилган трикотаж матолари (4,1 фоиздан 9,7 фоизга), кийим-кечак предметлари, машина ёки қўлда тўқилган трикотаж (12,9 фоиздан 27,2 фоизга) ва кийим предметлари (машинада ёки қўлда тўқилган трикотаждан ташқари) (0,8 фоиздан 4 фоизга) каби тайёр маҳсулотларнинг экспортдаги улуши ошди.

Мамлакатлар кесимида диверсификация. HHI кўрсаткичи 2016-йилдаги 1606 дан 2023-йилда 2435 га ортди. Бу мамлакатлар кесимида диверсификация даражаси пасайиб бораётганини кўрсатади. Бунга тўқимачилик маҳсулотлари экспортида Россиянинг улуши 2016-йилдаги 29 фоиздан 2023-йилда 45 фоизга ортгани сабаб бўлди. Мамлакатлар кесимида индекс қиймати ёмонлашганига қарамай, тўқимачилик соҳаси ушбу даврда диверсификациялашувнинг ўртача даражасини сақлаб қолди. 2023-йилда тўқимачилик маҳсулотларининг асосий экспорт бозорида Россиядан кейинги ўринларни Хитой (13,7 фоиз), Туркия (10,4 фоиз), Қирғизистон (7,8 фоиз) ва Эрон (3,2 фоиз) эгаллади.

Ўзбекистон 2021-йилда GSP+ тизимига аъзо бўлди ва кейинги 3 йилда Европа Иттифоқига тўқимачилик маҳсулотлари экспортини сезиларли даражада оширди. Хусусан, 2020-йилда 76,4 млн. АҚШ долларига, 2022-йилда эса 178,5 млн. АҚШ долларига. Бироқ, 2023-йилда экспорт ҳажми 14 фоизга камайди ва 152,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Демак, келгусида Европа Иттифоқида талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш зарур. Бу орқали Ўзбекистоннинг экспорт диверсификациясини кучайтириш ва янги бозорларни эгаллаш имконияти кенгаяди.