in

ФАО Ўзбекистонда янги ташаббус билан кичик фермерларнинг салоҳиятини мустаҳкамлайди

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, аҳоли даромадларини ошириш, иш ўринлари яратиш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли таъсир кўрсатади. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш қишлоқ хўжалигининг муҳим бўғини сифатида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун ушбу соҳа салоҳиятни оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Соҳани барқарор ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Кичик фермерлар барқарор аграр озиқ-овқат экотизимларига эришиш учун қишлоқ хўжалигидаги инноваторлар сифатида” янги лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Лойиҳани Ўзбекистон ва Қирғизистонда амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари Тошкент шаҳрида тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган очилиш семинарида тақдим этилди. Иштирокчилар лойиҳанинг кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди. Томонлар лойиҳанинг иш режасини кўриб чиқдилар ва уни келгусида амалга ошириш шартларини келишиб олдилар.

Ушбу лойиҳа кичик фермерларнинг барқарор, самарали ва иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги амалиётлари бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, у мева-сабзавот маҳсулотларининг бутун озиқ-овқат тизими занжири бўйлаб амалга оширилади. Шунингдек, у қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, экотизимларни тиклаш, барқарор яшаш шароитларини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш каби ўзаро боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган билимларни ошириш ва инновацияларни жорий этишга қаратилган. Лойиҳадан кутилаётган асосий натижалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

танлаб олинган мева-сабзавот маҳсулотларининг барқарор ва иқлим шароитига мос равишда етиштириш усуллари ва технологияларини ишлаб чиқиш;

маҳаллий ташкилотларнинг сабзавот уруғларини етиштириш ва сотиш бўйича салоҳиятини ошириш;

кичик фермер хўжаликларининг экинларни етиштириш ва бошқариш бўйича имкониятларини ошириш.

Лойиҳа миллий ташкилотларнинг институционал ва техник салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва қишлоқ хўжалиги тармоғи барқарорлигини ошириш учун устувор сабзавот ва мева экинларини иқлимга мос равишда етиштириш амалиётини илгари суришга ҳисса қўшади.

“Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Ҳар бир давлат қишлоқ хўжалигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш мақсадида боғдорчилик ва сабзавотчиликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Оилавий фермер хўжаликлари ҳар икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги тармоқларида катта роль ўйнайди, кичик фермерлар мамлакат ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қарийб саксон фоизини ишлаб чиқаради. Ушбу лойиҳа кичик фермерлар учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ва экинлар биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, экотизим хизматларини қўллаб-қувватлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ-озиқ-овқат тизимлари барқарорлигига катта ҳисса қўшади”, деб таъкидлади ФАОнинг Минтақавий идораси вакили Вилиами Факава. 

Лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, Тошкент давлат аграр университети ва танланган ҳудудлардаги тегишли фермер хўжаликлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

Telegram- !