Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Россия Федерациясининг Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко билан учрашди.
"ИННОПРОМ. Марказий Осиё" халқаро саноат кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган мулоқотда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда анъанавий ташкил этилаётган мазкур кўргазма саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлаётганлиги таъкидланди. Икки ҳудуд ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий масалалар бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида Фарғона ва Ленинград вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
