in

Фарғона вилояти делегация Туркияда бир қатор ишбилармонлик учрашувлари ўтказмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Туркия Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турган вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов бошчилигидаги делегация томонидан қатор самарали учрашувлар ўтказилмоқда.

Кожаэли Савдо-саноат палатасида ўтказилган учрашувда Фарғона вилоятининг инвестиция, савдо ва саноат соҳаларидаги имкониятлари, шунингдек, ҳудудда ташкил этилаётган махсус саноат зонаси фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда вилоятимизнинг саноат салоҳияти, қулай бизнес муҳити, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда инвесторлар учун яратилган имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва тиббиёт соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқотда туркиялик ишбилармонлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Eco Group компанияси фаолияти билан ҳам танишилди. Компания раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда келгусидаги инвестиция режалари хусусида фикр алмашилди.

Учрашувлар якунида турк тадбиркорларининг Фарғонага ташрифини ташкил этиш ҳамда истиқболли лойиҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди.