in

Хитой компаниялари яшил энергетика йўналишида амалга ошираётган лойиҳаларга маҳсулотлар етказиб бериш муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Мамлакатимизда хорижий компаниялар иштирокида амалга оширилаётган энергетика лойиҳаларининг бугунги кундаги салмоғи жуда катта.

Хитойнинг “China Datang” компанияси ва унинг ҳамкори “Dongfang Electric Corporation” компанияси томонидан Тошкент вилояти, Бўка туманида амалга оширилаётган лойиҳа бунга мисол бўла олади.

Ушбу лойиҳага кўра қиймати $ 170 млн доллар, қуввати 264 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади.

Куни кеча мазкур икки компания вакиллари “Ўзелтехсаноат” уюшмасига ташриф буюрдилар.

Уюшма раиси ўринбосари Жаҳонгир Жамалов, “China Datang” компанияси Марказий Осиё бўйича вакили Ван Хао ва “Dongfang Electric Corporation” компанияси лойиҳалар бўйича директори Ву Хао билан мулоқот олиб борди.

Учрашувда Хитой компаниялари томонидан юртимизда амалга оширилаётган лойиҳаларга маҳаллий электротехника маҳсулотларини етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

2024 йилда “China Datang” компанияси Ўзбекистонда “Ипак йўли энергетикаси” қўшма технологик инновацион илмий-тадқиқот марказини (R&D) ишга туширди. Шу билан бирга компания энергетика соҳасида техник-муҳандис ходимларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлика институт очишни режалаштирмоқда.

Ушбу йўналишларда ҳам хорижий компания билан ҳамкорлик қилиш бўйича меҳмонлар уюшма ҳузуридаги “Eltechlab”лабораторияси ва “Eltech-Malaka” ўқув маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди.