in

Хитой экспорт-импорт банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 22-ноябрь куни Хитой экспорт-импорт банки вице-президенти Ян Дуннин бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Хитой экспорт-импорт банки Халқаро департаменти бошқарувчиси Юй Вен, банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хан Сияопин, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Ахадбек Хайдаров ва Жасур Каршибаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Учрашув аввалида томонлар Хитой экспорт-импорт банкининг Ўзбекистонда Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари билан алоқалар олиб бориш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қамраб олувчи минтақавий ваколатхонасининг очилиши ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Мулоқот давомида томонлар иқтисодиёт соҳаларида янги лойиҳаларни шакллантириш, хусусан, яшил лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, жумладан, соҳага замонавий ва инновацион технологияларни жалб қилиш ва суғориш каналларини реконструкция қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда келажакда олдинга қўйилган мақсадларга эришишда тизимли фаолият юритиш ва самарадорликни ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга келишиб олдилар.