Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги "Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-129-сон Қарори асосида «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасида 5 та микро ГЭС ишга туширилди.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан Республикамиз ҳудудлари бўйлаб тизимли равишда, тасдиқланган режага биноан микро ГЭСларни қуриш ҳамда фойдаланишга топшириш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, бу борада, маҳаллийлаштириш доирасида Жамият тасарруфидаги «UzHydroPower» заводида гидроиншоотлар учун зарурий агрегатлар ҳамда асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, Нукус туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2 та микро ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Тумандаги «Ақтерек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Бўзатов канали оқимидан фойдаланган ҳолда қуввати 15 кВт бўлган микро ГЭС барпо қилинди. Ушбу микро ГЭС маҳалла аҳолиси эҳтиёжи учун йилига 85 минг кВт. соат электр энергия ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Яна бир микро ГЭС – «Кердер» овул фуқаролар йиғинига қарашли "Қизил уй" овулидаги Тўрткўл каналининг сув ресурслари негизида 2 та микро ГЭС (умумий қуввати 30 кВт. соат) ишга туширилди. Бунда умумий ўртача йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 175 минг кВт. соатга тенг.
Ўзига хос ишга тушириш тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф. Эрманов, Нукус тумани ҳокими З. Зайтов, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бош бошқармаси бошлиғи А. Зокиров, масъул-раҳбарлар ҳамда мутахассислар иштирок этдилар.
Шу билан бирга, Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи Суенли канали сув ташлаш иншооти бўйида қурилган 2 та микро ГЭСнинг ҳар бирининг қуввати 50 кВт га тенг бўлиб, лойиҳага кўра, йилига ўртача 580 минг кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишдаги кенг кўламли ишлар маҳаллий тадбиркорлар учун намунавий андоза шаклида бажарилмоқда. Соҳага қизиқиш билдирган тадбиркорлар давлат-хусусий шериклиги асосида ўрнатилган тартибда янги микро ГЭСлар қурилишига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин.
Эндиликда, Нукус туманида 3 та, Хўжайли туманида 2 та микро ГЭС маҳаллий аҳоли учун электр энергия ишлаб чиқара бошлайди.
Айтиш жоизки, ушбу микро ГЭСлар туманлардаги маҳаллаларга бириктириб берилди ҳамда ишлаб чиқарилган электр энергиясидан тушган маблағлар маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун йўналтирилиши белгиланди.