in

Ўзбекистон ва Австрия қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов Австрия молия вазири ўринбосари Андреас Реичҳардт бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди. 

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Акмал Қосимов Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги дўстона муносабатларни юксак баҳолаб, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида шерикликни кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу йўналишдаги ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб, замонавий технологиялар, илғор тажриба ва инвестицияларга асосланган ёндашув мамлакат аграр салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади.

Мулоқот давомида экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, чорвачилик ва боғдорчилик соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Айниқса, субсидия ва суғурта тизимлари, аграр таълим бўйича Австрия тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистон шароитида жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. 

Яна бир муҳим йўналиш — рақамлаштириш эди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида субсидия тизимини рақамлаштириш ҳамда соҳада малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари кун тартибидан ўрин олди. Австриянинг илғор технологияларига асосланган иссиқхоначилик, сув ресурсларини бошқариш ва “ақлли қишлоқ хўжалиги” концепцияларини Ўзбекистонда жорий этиш борасида ҳам ҳамкорлик йўллари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва навбатдаги амалий қадамларни белгилаб олишга келишиб олдилар.