in

Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмон хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасида аграр соҳада шаклланган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ташаббуслар асосида янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда Италия тажрибасини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жорий этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мулоқот давомида илм-фан ва таълим йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Хусусан, Италиядаги нуфузли Туша университети билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қўшма таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Италия томони мазкур ташриф доирасида 5 та етакчи университет вакиллари билан келганини таъкидлаб, илм-фан соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида механизация даражасини ошириш, замонавий техника ва технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини кўтариш борасида Италия тажрибасидан фойдаланиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Томонлар бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш орқали аграр соҳани модернизация қилиш мумкинлигини таъкидладилар.

Учрашув давомида экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, шунингдек чорвачилик соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Якунда томонлар ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ва аграр соҳада барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.