Тошкент, Ўзбекистон — "Термиз минтақавий темир йўл узели" филиали Қудуқли станциясида Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл раҳбарлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ташкил этилди.
Учрашувда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси З.Ғ.Нарзуллаев ҳамда “Rohi Ohani Tojikiston” ДУК раҳбари Комил Жумахон бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк ташишлар ҳажмини ошириш, чегара станцияларида вагонларни топшириш ва қабул қилиш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, юк ташиш жараёнида юзага келаётган долзарб масалаларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда икки давлат темир йўл ўтказиш пунктлари орқали ҳар куни 6 жуфтдан ортиқ юк поездларини қабул қилиш ва топширишни таъминлаш бўйича келишувга эришдилар.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро келишувлар тасдиқланди.
