Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон–Эрон Ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилиши доирасида Карантин агентлиги директори Иброҳим Эргашев Эрон Ислом Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Марям Жалили хоним билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати таҳлил этилиб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама этилди. Хусусан, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича имкониятларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида гилос, ўрик ва лимон каби янги турдаги маҳсулотларни Эрон бозорига экспорт қилиш учун рухсатномалар расмийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, маҳсулотлар экспортида фитосанитар сертификатларни қалбакилаштириш ҳолатларини олдини олиш мақсадида икки томонлама электрон ахборот алмашинуви тизимини жорий этиш ва соҳа мутахассислари ўртасида доимий тажриба алмашувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек томонлар тарвуз каби полиз маҳсулотлари учун ҳам янги экспорт бозорлари очиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шу билан бирга, Эрон томони Ўзбекистонда амалиётга жорий этилган экспортёрларни рўйхатга олиш тизимига катта қизиқиш билдирди ва бу борада ҳам ўзаро тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.