Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Бош консулхонаси савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Lumiflex” МЧЖ вакили Баҳром Тўлагановнинг Қирғизистон вилоятларига ташрифини ташкил қилди.
2020 йилда ташкил этилган “Lumiflex” қадоқлаш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Марказий Осиёда бундай турдаги ягона корхона ҳисобланади. Корхона Испанияда ишлаб чиқарилган ускуналардан фойдаланади.
Қирғизистоннинг Баткен вилояти, Қизилқия шаҳрида Ўзбекистон Ёшлар жаҳон уюшмаси Қирғизистондаги вакили Бобурмирзо Абдусамадов кўмагида “Био Милк”, “Муроджон ИСЭ”, “777 Мороженое”, “Жеты Батыр” ва “БАРБОЛ” каби қирғиз компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Натижада, умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномаларини имзолаш бўйича келишувларга эришилди.
Яқин кунларда қирғиз компаниялари вакилларининг Тошкентга ташрифи кутилмоқда. Ташриф давомида шартномаларнинг расмий имзоланиши режалаштирилган.