Тошкент, Ўзбекистон — «Навоий» чегара божхона постида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари масъулларининг сайёр учрашуви бўлиб ўтди.
Сайёр учрашувда Ўзбекистон Республикасидан Божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Ғ. Насиров ва Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси раиси ўринбосари Қ. Жумакулов иштирок этди.
Шунингдек, учрашувда Раис ўринбосари О. Чориев ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Қ. Умаров ҳам қатнашди.
Томонлар асосий эътиборни шу кунларда ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган енгил автотранспорт воситалари тирбандлигини тезкор бартараф этишга қаратишди.
Минтақа давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик ҳамкорлик ва ташқи савдо алоқаларининг кенгайиши натижасида сўнгги 5 йилда иккала давлат ўртасида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳамда йўловчилар сони 2 баробарга ошган.
Биргина «Навоий» чегара божхона пости орқали суткасига 40 минг нафарга яқин фуқаролар ва 2 мингга яқин енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.
Томонлар тирбандликни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида қўшимча куч ва воситаларни сафарбар этишга келишиб олишди.
Шунингдек, «Навоий» чегара божхона постида чиқиш йўналишида енгил автомобиллар ҳаракати камлиги сабабли ушбу йўналиш орқали Ўзбекистонга киришдаги енгил автомобилларнинг (реверсив) ҳаракати йўлга қўйилди.
Кўрилган чоралар натижасида 4 июнь соат 20.25 ҳолатига кўра, ҳозирда мазкур постда тирбандлик тўлиқ бартараф этилди.