Тошкент, Ўзбекистон — 6 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов OTP Bank бошқаруви аъзоси ва бош директор ўринбосари Ласзло Волф билан учрашди.
OTP Group Венгриянинг етакчи банк-молия гуруҳларидан бири ҳисобланади. Гуруҳ таркибида жами 1 656 та филиал фаолият юритади. Активлар ҳажми 102 млрд евро, бозор капиталлашуви 12,4 млрд еврони ташкил этади. Мижозлар сони 17 млн, ходимлар сони 41 минг нафар. Капитал рентабеллиги 9,8%ни ташкил қилади.
Суҳбат давомида OTP Group томонидан «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш лойиҳасининг кейинги босқичларини амалга ошириш режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, компания рақамли хизматларни кенгайтириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш қулайлигини оширишга қаратилган янги мобил банк платформасини ишга туширишни режалаштираётгани қайд этилди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, ушбу лойиҳа озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, замонавий агро-саноат инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва OTP Group ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўзаро тайёрликларини билдирдилар.
