БМТнинг Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг «Жаҳон миқёсидаги муҳим қишлоқ хўжалиги мероси тизими» (GIAHS) ташаббуси доирасида Ўзбекистонда GIAHS мақомини олиш учун танланган ҳудуд сифатида қаралиши мумкин бўлган ҳудудларнинг миллий рўйхати шакллантирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундай тизимлар кўпинча ҳудудий ривожланишнинг асоси бўлган қишлоқ хўжалиги биохилма-хиллиги, барқарор экотизимлар ва қимматли маданий меросни ўзида мужассам этган ажойиб ландшафтларни ўз ичига олади.
Фарғона водийсидаги қишлоқ хўжалиги ландшафтлари ва пиллачилик билан шуғулланувчи маҳаллий аҳоли, Бухоро вилоятидаги қоракўлчилик, Тошкент вилоятининг
Паркент тумани ва Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги узумчилик ва ҳоказолар ана шундай объектлардан ҳисобланади.
Айни пайтда ФАО Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Замин» Халқаро жамоатчилик фонди кўмагида GIAHS объектлари учун қўйилган зарур мезонларга жавоб берадиган Марғилон ҳудудидаги ипакчилик тизими ва унга боғлиқ фаолиятни ўрганиш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришди.
Шу мақсадда миллий экспертнинг Фарғона вилоятига ташрифи ташкил этилиб, вилоят ҳокимлигининг ташкилий кўмагида мазкур қишлоқ хўжалиги тизимини янада чуқурроқ ўрганиш ва кейинчалик халқаро рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Дастлабки материаллар тайёрлангач, халқаро экспертлар ва ФАО бош идораси ходимларининг Марғилон шаҳрига ташрифи режалаштирилган бўлиб, у ерда июль ойи ўрталарида амалга ошириш режасини тайёрлаш ва лойиҳанинг маҳаллий иштирокчилари хабардорлигини ошириш мақсадида семинар ўтказилади.
Биринчи GIAHS мақомини олиш Ўзбекистонга ҳам халқаро ҳамжамият, ҳам маҳаллий манфаатдор ташкилотлар ва ҳамжамиятларнинг эътиборини табиий ва техноген ландшафтни, маданий меросни сақлашга ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш имконини бертшт кутилмоқда.
GIAHS объектларини рўйхатга олишнинг жаҳон тажрибаси биохилма-хилликни сақлаш ва қишлоқ жойларнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган глобал аҳамиятга эга бўлган қишлоқ хўжалиги билимларини, маҳаллий амалиёт ва анъаналарни аниқлаш, сақлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш имконини беради.
Анъанавий Жаҳон мероси объектлари ва қўриқланадиган ландшафтлардан фарқли ўлароқ, GIAHS ғояси динамик муҳофазага асосланган – қишлоқ хўжалиги ҳудудини одамлар ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг жонли ва ривожланаётган тизими сифатида кўриб чиқадиган концепциядир.
GIAHS Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг 2015 йилда бошланган дастури бўлиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги учун биологик хилма-хиллик ва генетик ресурсларни сақлашга ҳисса қўшадиган анъанавий қишлоқ хўжалиги тизимларини тан олиш, қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш ҳамда уларни ҳурмат қилишга қаратилган. Шу билан бирга, тизим қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш ва билимини ошириш, уларнинг маданияти ва қадриятларини сақлаб қолишга ҳам катта эътибор қаратади.