in

Ўзбекистон инвестициялар вазири ўринбосари General Motors ва UzAuto Motors компаниялари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Гуламов General Motors ва UzAuto Motors компаниялари вакиллари билан учрашди.

Томонлар хусусийлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва автомобиль бутловчи қисмларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратган ҳолда автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

UzAuto Motorsни хусусийлаштириш доирасида трансформация жараёни ва стратегик инвесторларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Жараённинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи ҳуқуқий ва институционал базанинг асосий жиҳатлари ҳамда хорижий ҳамкорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Экспортни ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга қаратилган стратегик шерикликни сақлаш ва мустаҳкамлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида томонлар корхонани хусусийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини биргаликда ривожлантириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий масалалари юзасидан мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.