Тошкент, Ўзбекистон — 12 фераль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Палата жамоаси билан ишчи йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Савдо-саноат палатаси раёсатининг қарорига мувофиқ Шерзодхон Рустамович Ибрагимов Палата раиси ўринбосари лавозимига тайинлангани маълум қилиниб, жамоага таништирилди.
Янги ўринбосарга рақамлаштириш ва “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, Палата аъзолари билан ишлаш ва хизмат кўрсатиш, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда савдони ривожлантириш йўналишлари юклатилди.
Хусусан, “Бизнес ҳамроҳ” марказлари орқали тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлашни тезкор ва шаффоф тизим асосида ташкил этиш, ҳудудлардаги муаммоларни манзилли ҳал қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Йиғилиш давомида Президентнинг 2024 йил 14 мартдаги ПҚ-126-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ “Ўзбекэкспертиза” АЖ фаолиятини трансформация қилиш, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш тартибини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, ташқи бозорларга чиқишда амалий ёрдамни кучайтириш ҳамда тадбиркорлар учун қўшимча хизмат турларини жорий этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга белгиланган йўналишлар бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ижрони қатъий назоратга олиш таъкидланди.
