in

Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой – Мўғулистон коридори бўйлаб биринчи пилот юк ташуви бажарилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни янги бозорларга олиб чиқиш, автомобиль транспортида янги коридорларда юк ташувларини йўлга қўйиш мақсадида Транспорт вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой – Мўғулистон” коридори бўйлаб биринчи пилот юк ташувини ташкил этди.

Иштирокчи давлатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик ва ушбу транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида савдо айланмаси ўсиши ва транспорт-логистика алоқаларининг кенгайиши учун янги истиқболлар очилмоқда.

Ушбу йўналиш давлатлар ўртасида экспорт ва импорт юк ташувлари ҳажмини оширишга, савдо алоқалари географиясини кенгайтиришга ҳамда товарларни етказиб бериш муддатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Дунё логистика бозоридаги вазиятни инобатга олганда, мазкур коридорнинг ривожланиши ўзбек миллий ташувчилари учун ўз бизнесини кенгайтириш, самарадорликни ошириш ҳамда минтақавий ва глобал даражадаги ўринларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.