in

«Ўзбекнефтгаз» ва Jereh Group юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти Хитойнинг нефть-газ соҳаси учун юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларидан бири — “Jereh Group” Бош директори Ли Зҳиёунг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида компаниялар ўртасидаги амалдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, шунингдек Ўзбекистон нефть-газ тармоғига замонавий технологик ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ва улар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Жамият тасарруфидаги қазиб чиқариш бошқармаларида табиий газ қазиб олиш барқарорлигини таъминлаш, мавжуд захираларни максимал ўзлаштириш ва қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида кичик компрессор станциялари қурилиш лойиҳалари тез суръатларда амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шу ўринда ҳозирги кунда Хитой компанияси билан ҳамкорликда 36 та кичик компрессор агрегати барпо этилиб, ишга туширилганлигини қайд этиш жоиз.

Музокаралар жараёнида “Jereh Group” делегацияси юқори самарадорликка эга компрессор агрегатлари, қудуқларни қазиш ва сервис хизматлари учун ишлаб чиқилган илғор технологиялар, шунингдек энергия тежамкор ва ишончлилиги юқори бўлган ускуналар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди.

Шунингдек, делегация томонидан Ўзбекистонда “Сервис маркази” очиш, эҳтиёт қисмлари таъминоти барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Қолаверса, «Ўзбеккимёмаш» АЖ билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали айрим импорт ўрнини босувчи ускуналарни мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Қўшма лойиҳалар бўйича экспертлар даражасида ишчи гуруҳлар тузиш, амалий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.