in

Қулай инвестициявий муҳитни яратишга қаратилган чора-тадбирлар қандай натижа берди?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни яратиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижасини таҳлил қилди.

2023-йилда мамлакатимизда асосий капиталга инвестициялар 2017-йилдагига қараганда 2,2 маротаба ортиб, 352,0 трлн. сўмга етди.

Ушбу маблағларнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) даги улуши эса 22,7 фоиздан 33,0 фоизгача ошди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилишнинг сезиларли даражада фаоллашиши сўнгги 6 йил давомида инвестиция маблағларининг ортишида муҳим омиллардан бири бўлди. Бу даврда ушбу кўрсаткич 5,7 маротаба ошди ва 2,4 млрд. АҚШ долларидан 14,2 млрд. АҚШ долларига етди. Мос равишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг ЯИМдаги улуши ҳам 4,0 фоиздан 15,6 фоизгача ортди.

Инвестициялар учун яратилган қулай шароит натижасида республикада фаолият юритувчи корхоналар сони 1,7 баробар ошди ва 285,0 мингтадан 485,0 мингтага етди.

Жумладан, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2,6 маротаба ортиб, 5,5 мингтадан 14,1 мингтага етди.

Давлат – хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари орқали хусусий сектор маблағларини ижтимоий муҳим аҳамиятга эга тармоқларга жалб қилиш инвестиция сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу соҳадаги илк қадамлар атиги 5 йил аввал ташлаган бўлса ҳам, бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қиймати 17 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 1018 та ДХШ келишуви имзоланди.

Инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан:

– 250 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш; 

– давлат-хусусий шериклик доирасида 30 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни жалб қилиш;

– асосий капиталга киритиладиган инвестициялар ҳажмининг йиллик ўртача 7 фоиз атрофида ўсишини таъминлаш;

– ҳудудларнинг инвестицион рейтингини юритиш, ҳар бир ҳудуднинг имкониятларидан келиб чиқиб, унинг инвесторлар учун жозибадорлигини янада ошириш.

Бизнинг Telegram-каналимизга обуна бўлинг!