in

2017 – 2023 йилларда Ўзбекистондаги жами корхона ва ташкилотлар сони 1,7 маротаба кўпайган

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда фаолият юритган корхона ва ташкилотлар билан боғлиқ демографик ҳолатнинг ўзгаришини таҳлил қилди. 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бу тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишдир. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023-йилда мамлакатимиздаги жами корхона ва ташкилотлар сони (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) 485,0 мингтани ташкил этган. Бу 2017-йилдагига нисбатан 1,7 маротаба кўп демакдир. 

Тадбиркорлик субъектлари сонининг энг юқори ўсиш суръати Навоий (2,3 маротаба), Самарқанд (2,1 маротаба), Бухоро ва Хоразм вилоятлари (2,0 маротаба) да кузатилди. 

Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил савдо-сотиқ (2,5 маротаба), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари (1,8 маротаба), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (1,9 маротаба) ҳамда яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (1,7 маротаба) каби тармоқларда корхоналар сони ошганлигини кўрсатди. 

Саноатнинг иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ўрнини эътиборга олган ҳолда, корхоналар сонининг (1,4 маротаба) ортиши ва улуши 14,3 фоизга етганлигини ижобий ҳолат сифатида таъкидлаш лозим. Шунингдек, ахборот технологиялари (1,6 маротаба) соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналар сонининг ўсиши иқтисодиётда рўй бераётган ижобий таркибий ўзгаришлардан далолат беради.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 56-мақсадида иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш белгиланган бўлиб, нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, давлат улуши мавжуд 2,3 мингта корхоналар сонини 6 баробарга камайтириш кўзда тутилган.

Telegram- !