in

CADI лойиҳаси чекка қишлоқлар аҳолисининг даромадларини қандай оширади

CADI лойиҳаси (Central Asian Desert Initiative – Марказий Осиё Чўл бўйича Ташаббуси) 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Грайфсвальд Университети ва Майкл Зукков жамғармаси билан биргаликда Германия ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилди.

Лойиҳа якунланган, аммо Ўзбекистоннинг мўътадил чўлларида яшовчи қишлоқ аҳолиси учун унинг самараси кўп йиллар давомида сақланиб қолади. Зеро, ушбу ташаббус туфайли улар ўзлари учун янги даромад манбаларини кашф этдилар, турмушларининг барқарорлиги ошди – демак, келажакка ишонч ҳам мустаҳкамланди.
Энг муҳими, янги даромад манбалари аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига таъсир кўрсатмоқда. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги «Дўрмон» ва Навоий вилояти Нурота туманидаги «Чуя» қишлоқлари аҳолиси бунга амин бўлдилар – улар CADI лойиҳасининг бенефициарлари бўлиб, лойиҳа мўътадил чўл шароитида қишлоқ хўжалиги, тикувчилик, шунингдек, сутни қайта ишлашни янада ривожлантиришга кўмаклашди.

– Хусусан, 2022 йилда «Марказий Осиё Чўл бўйича Ташаббуси»ни амалга ошириш давомида лойиҳа бенефициарларига қишлоқ хўжалиги ва бошқа жиҳозлар беғараз етказиб берилди. Яъни қишлоқ аҳолиси томорқаларига ўрнатилган 45 та кичик иссиқхона; тикув ускуналари, шу жумладан замонавий тикув машиналари, жун тароқлаш машиналари, кўрпа тикиш жиҳозлари ва оверлоклар лойиҳа ҳудудларидаги 57 аёлга берилди. Шунингдек, сут маҳсулотлари учун ускуналар – сепараторлар, пастеризаторлар ва музлатгичлар мақсадли ҳудудлардаги 77 аёлга топширилди. Бундан ташқари, 3 нафар бенефициар асаларичиликни ривожлантириш учун махсус ускуналар олди. Моҳирона ёндашув ва аҳолини ишлаб чиқарувчиларнинг кичик гуруҳларига бирлаштириш билан уларнинг барчаси яхши фойда келтириши ва уй хўжаликларининг фаровонлигини ошириши мумкин. CADI лойиҳаси доирасида етказиб берилган ускуна ва жиҳозларнинг умумий қиймати қарийб 200 минг долларни ташкил этди, – деди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий координатори Наримон Нишонов.

Шуни таъкидлаш керакки, CADI лойиҳасининг бенефициарлари нафақат қимматбаҳо ускуналарни бепул олишди, балки ушбу ускуна билан ишлаш ва ундан максимал, барқарор фойда олиш бўйича махсус ўқув курсларидан ҳам ўтдилар. 2020 йилда лойиҳа доирасида белгиланган мақсадли ҳудудлардан – Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Дўрмон” ва Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” қишлоқларидан – 152 нафар кичик фермер ва уй хўжаликлари эгалари (шу жумладан, 57 фоизи аёллар) учун қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни яхшилаш, иссиқхоналарни ривожлантириш ва асаларичилик асослари бўйича бир қатор Фермер дала мактаблари ўтказилди. Ўтган йилнинг октябрь ойида тикувчилик ва қўй жунидан адёл тайёрлаш бўйича тренинглар ташкил этилиб, унда 57 нафар аёл иштирок этди. Тажрибали ҳунармандларнинг раҳбарлиги остида улар кейинчалик тайёр маҳсулотларни муваффақиятли сотиш учун жун адёл ясашни ва миллий каштачиликнинг ўзига хос хусусиятларини, шунингдек маркетинг асосларини ўргандилар.

Тренингнинг фаол иштирокчиларидан бири Назира Эгамбердиева қўшнилари ва бошқа аёл танишларига тикувчилик маҳоратини эгаллаш қандай яхши имконият эканлигини айтиб бериб, 20 га яқин кишини тренингларга олиб келди. Бошқа бенефициарлар сингари, лойиҳа доирасида унга тикув машинаси, шунингдек, уни тумандаги бошқа аёллар фойдаланиши учун бериш ва уларга тикувчиликни ўргатиш шарти билан оверлок машинаси берилди. Профессионал восита бўш турмайди – ҳар куни Назира яхши пул ишлаб, олинган буюртмалар бўйича кўйлаклар, пальтолар, болалар кийимлари ва бошқа маҳсулотларни тикади. Ва унинг кўплаб ўқувчилари бор-қишлоқ аёллари тикувчилик қўшимча даромад келтириши мумкинлигини англадилар.

– Лойиҳа томонидан менга берилган тикув ускуналари туфайли ҳозир кунига 70 дан 100 минг сўмгача пул топаман, – дейди Назира Эгамбердиева. – Буюртмалар жуда кўп, ишларимиз яхши кетмоқда, чунки машиналар янги, замонавий, улар турли хил функцияларга эга. Қизим ҳам тикувчилик маҳоратини тезда ўзлаштирди ва энди менга ҳамма нарсада ёрдам беради. Қўшниларим ва танишларим қандай қилиб бўш ўтирмаслигини, шунингдек, тикувчилик орқали ўз уйларига қўшимча даромад келтиришини кўриш жуда ёқимли. Ва мен ҳар доим уларга ёрдам беришга тайёрман.

Таъкидлаш жоизки, CADI лойиҳаси чекка қишлоқларда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашди. Лойиҳа доирасида Навоий вилоятининг Нурота туманида жойлашган «Чуя Марварид» тикувчилик устахонасига пахта ва жунни қайта ишлаш учун махсус ускуналар, шунингдек, жун ва пахтадан чойшаб тайёрлаш учун чойшаб машинаси топширилди. Цехнинг ишга туширилиши билан 5 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди ва келгусида бу ерда яна 10 нафар кишини ўқитишни ташкил этиш режалаштирилган.

2022 йил май ойида эса Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси билан биргаликда CADI лойиҳаси доирасида мақсадли ҳудудлардаги аёллар учун янги ускуналар ёрдамида сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Тренингларда 60 киши қатнашди. Бир неча кун давомида аёллар хусусий хўжаликларда чорвачиликнинг долзарб масалалари бўйича ўқитилди, шунингдек, лойиҳа доирасида олинган сут сепараторлар ва пастеризаторлардан қандай фойдаланишни ўргандилар. Замонавий технологиялардан фойдаланиш чекка ҳудудларда соҳа самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкинлиги таъкидланди.

“Сепараторда ишлаш қийин эмас, уйимизда табиий сметана, қаймоқ ва сариёғни тезда олишимиз, шу билан бирга вақт кучни тежашимиз мумкин. Ва сутни ёғсизлантиргандан сўнг, творог ва пишлоқ пиширишимиз мумкин, бу маҳсулотлар ҳар доим катта талабга эга. Бир сўз билан айтганда, хонадонимиз учун муҳим ва зарур қурилма”, – дейди Бухоро вилояти Қоракўл тумани Дўрмон қишлоғида яшовчи Нафосат Нарзиева.
“Илгари бизда музлатгич йўқ эди, биз маҳсулотларни эски услубда қоронғи салқин жойда сақлашимиз керак эди ва ёзнинг иссиқ кунларида бу ҳам ёрдам бермас, сут тезда айниб қолар эди. Энди бизга янги, катта сиғимли музлатгич топширилди ва ишлар ривожланиб кетди. Бизда мустақил равишда ва қисқа вақт ичида сотиш учун сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тўғри сақлаш учун ҳамма нарса мавжуд. Бу даромадли бизнес, бунинг натижасида биз даромадимизни оширамиз

CADI лойиҳасининг бенефициарлари орасида бундай ҳикоялар жуда кўп – иссиқхонада ҳам, асаларичиликда ҳам ишлар яхши кетмоқда. Лойиҳа ушбу одамларга узоқ муддатли истиқболда барқарор даромад манбаи тақдим этди. Ва, натижада, маиший масалалар ҳал этилмоқда, фермер хўжаликлари кенгаймоқда, фаровонлик ва ҳаётдан мамнунлик ошмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти Нурота туманида яшовчи пенсионер Абдуаҳад Ўташев лойиҳа томонидан томорқасига ўрнатилган иссиқхонада ўзи етиштирган бодринг ҳосилини CADI лойиҳаси жамоасига фахр билан намойиш этди. Ва тез орада у бу ерга помидор ва кўкатлар экишни режалаштирмоқда. Иссиқхонада ишлашда унга хонадон аъзолари – ўғли ва келини, шунингдек, рафиқаси ёрдам беради.

“Энди дастурхонимизда доимо янги сабзавот ва кўкатлар бўлади, ҳосилнинг бир қисмини бозорда сотамиз – бу қўшимча даромад”, – дейди Абдуахад Ўташев.

Эслатиб ўтамиз, CADI (Марказий Осиё Чўл бўйича Ташаббуси) лойиҳаси ноёб экотизимларни ифодаловчи, ноёб ҳайвонлар ва қушларнинг яшаш жойлари бўлган Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг мўътадил чўлларидан барқарор фойдаланиш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган. Лойиҳа Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилди ва 2017-йилдан 2022-йилгача Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда Грайфсвальд университети, Майкл Зукков жамғармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилди. CADI лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида жойлашган ва Марказий Осиё минтақадаги мўътадил чўлларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича лойиҳа фаолиятини давом эттирадиган CADI минтақавий котибияти ташкил этилган.

Бизнинг Telegram-каналимизга обуна бўлинг!