in

Enco Group Тошкент вилоятида кабель ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Eltech Industrial” технопаркида юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳромжон Норқобилов, Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Александр Огородников, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Аброр Боев, "Eltech Industrial" технопарки дирекцияси, “Enco Group” компанияси ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкори – “Yuqori Chirchiq Energy Systems” корхонаси раҳбарияти вакиллари ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирок этди.

Мазкур лойиҳа Беларус Республикасининг «Energokomplekt» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 21 гектар майдонда барпо этилаётган ишлаб чиқариш мажмуасининг умумий қиймати қарийб 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига 25 минг тонна юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади ҳамда 600 га яқин янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳанинг экспорт салоҳияти 300 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.

Биринчи босқич доирасида 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу босқичда йиллик экспорт ҳажми 140 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

Корхона маҳсулотларини Германия, Латвия, Эстония, Болгария ҳамда МДҲ давлатлари бозорларига экспорт қилиш режалаштирилган.

“Enco Group” корхонасининг ишга туширилиши маҳаллий саноатни ривожлантириш, импорт ўрнини босиш ва экспортбоп юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.