Тошкент, Ўзбекистон — 17 августдан Etihad Airways Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлайди. Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда “Etihad Airways” авиакомпанияси бош операцион директори капитан Мажед Ал-Марзуки билан бўлиб ўтган учрашувда ушбу келишувга эришилди.
Авиакомпания бош офисида бўлиб ўтган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасидаги авиақатновларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди.
Хусусан, учрашувда "Etihad Airways" авиакомпаниясининг Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйиш ҳамда босқичма-босқич йўналишлар тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Музокаралар якунига кўра, жорий йил 17 августидан эътиборан "Etihad Airways" томонидан Тошкент – Абу Даби – Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон ҳамда БАА пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларнинг тикланиши Ўзбекистонлик йўловчиларнинг "Etihad Airways"нинг кенг кўламли йўналишлар тармоғидан фойдаланиш, Абу-Даби орқали қулай уланишлар билан Европа, Осиё, Австралия, Африка ва Шимолий Америкадаги 70 дан ортиқ халқаро йўналишларга учиш имконини беради.
