Тошкент, Ўзбекистон — HUMO компанияси айрим нашрларда HUMO Token лойиҳасига доир нотўғри талқинлар тарқалгани муносабати билан расмий баёнот эълон қилди.
Ҳужжатда таъкидланишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига тўлиқ мос равишда амалга оширилмоқда ва технологик ҳамда молиявий соҳаларда инновацион ечимларни жорий этишни мақсад қилган.
HUMO таъкидлашича, «HUMO Token – бу технологик ва молиявий восита бўлиб, уни чиқариш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида амалга оширилган». Лойиҳанинг асосий тамойили — токенни давлат облигациялари билан таъминлашдир. Бу эса лойиҳа иштирокчилари учун молиявий моделни шаффоф ва олдиндан башорат қилинадиган қилиб беради.
Компания алоҳида урғу берганича, HUMO Token муайян давлат ёки геосиёсий контекст билан боғланмаган. «У универсал инфратузилма воситаси сифатида ишлаб чиқилмоқда ва турли муҳитларда, амалдаги қонунчилик ва тартиб-таомилларга риоя этилган ҳолда, қўлланилиши мумкин», дейилади баёнотда.
Токен билан боғлиқ барча жараёнлар Ўзбекистон қонунчилиги ва тегишли назорат органлари талаблари асосида амалга оширилади. Бу жараёнларга фойдаланувчиларни идентификация қилиш, операцияларни мониторинг қилиш ва ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш каби чоралар киради. Лойиҳа «шаффофлик, ҳуқуқий барқарорлик ва технологик ишончлилик» тамойиллари асосида қурилган, деб урғулайди HUMO.
Лойиҳага доир долзарб маълумотлар фақатгина HUMO ва Asterium’нинг расмий сайти ва ахборот каналларида тақдим этилади. Лойиҳа жамоаси керак бўлганда қўшимча шарҳлар бериши мумкин.
Шунингдек, компания Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, крипто-активлардан тўлов воситаси ёки тўлов қабул қилишда фойдаланиш тақиқланганини эслатиб ўтди.