Тошкент, Ўзбекистон — АО Uzbekistan Airports миллий аэропорт тизимини ривожлантириш бўйича ўн йиллик стратегияни ишлаб чиқиш учун консалтинг компаниясини танлаш бўйича тендер эълон қилди.
Ҳужжат жамиятнинг тўғридан-тўғри бошқарувидаги барча аэропортлар, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ёки концессия асосида фаолият юритувчи объектлар ҳамда келгусида ташқи ёки хусусий бошқарувга топширилиши режалаштирилган аэропортларни ўз ичига олиши керак.
Стратегия бутун аэропорт тизими учун ягона ҳужжат бўлиб хизмат қилиши ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаши лозим, шунингдек турли мулкчилик ва бошқарув моделларини ҳисобга олиши керак. Шу билан бирга, ҳужжат геосиёсий, иқтисодий, технологик ва бозор муҳитидаги эҳтимолий ўзгаришларга мослаштирилган бўлиши талаб этилади.
Тендерда иштирок этиш учун авиация, транспорт инфратузилмаси ёки стратегик консалтинг соҳасида тажрибага эга халқаро ва маҳаллий компаниялар таклиф этилмоқда.
Лойиҳанинг мақсади — аэропортларни бошқариш самарадорлигини ошириш, инвестициялар жалб этиш ва Ўзбекистон авиация соҳасини халқаро майдонга интеграция қилишга имконият берадиган узоқ муддатли йўл харитасини шакллантиришдан иборат.
