in

Zamin Great City қурилиш компаниясига нисбатан топширилмаган квартира учун иш қўзғатилди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентнинг Бектемир туманида жойлашган квартира учун 252,6 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаган фуқаро шикояти асосида Zamin Great City қурилиш компаниясига нисбатан рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси иш қўзғатди.

Шартнома бўйича умумий майдони 39,47 м² бўлган икки хонали квартира 2024 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ, қурилиш тўхтатилган ва хонадон харидорга топширилмаган.

Қўмита маълум қилишича, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига асосан, шартнома мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда, истеъмолчи шартномани бекор қилиш, тўланган маблағини қайтариш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ижрочи эса пеня тўлаш мажбуриятини олади.

Шикоят асосида махсус комиссия ташкил қилиниб, мазкур иш қўзғатилди. Zamin Great City компаниясига қурилиш муддатларига риоя этилиши ва истеъмолчиларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши юзасидан назорат чоралари белгиланди.

Қўмита фуқароларни пудратчилар билан шартнома тузишда эътиборли бўлишга, қурилиш компанияларини эса ўз мажбуриятларини қатъий бажаришга чақирди.