Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 11-12 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Бирлашган Араб Амирликларида амалий ташриф билан бўлиб, 2025 йилги Бутунжаҳон ҳукуматлар саммитида иштирок этди.
Бутунжаҳон ҳукуматлар саммити 2013 йилда БАА вице-президенти ва Бош вазири, Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум бошчилигида ташкил этилган. Ташкилотнинг вазифаси глобал муаммоларни ҳал қилиш ва ҳукуматларнинг кейинги авлоди учун кун тартибини белгилаш учун инновациялар ва технологияларга эътибор қаратиб, бошқарув келажагини шакллантиришдан иборат.
WSG BMT Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, ХВФ, ОПEК, ЖСТ, Ислом тараққиёт банки, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон иқтисодий форуми каби глобал тузилмалар ва жамғармалар билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, WSG аъзолари рўйхатига йирик халқаро компаниялар, жумладан VISA, Qualcomm, Google, Amazon, IBM, Mastercard, M2, SAP, Shneider Electric, AWS, Roblox, Dubai Investments, Cordiant, DFM, Salik, Khazna ва бошқалар киради.
“Future of Economy Forum” – “The Rise of New Industrial Policy” форуми сессиясида сўзга чиққан Лазиз Кудратов мамлакатимизга Марказий Осиёда инвестициявий хаб мавқеини ишончли эгаллаш, иқтисодиётни очиш ва глобал муаммоларга қарамай барқарор ўсишни таъминлаш имконини берган Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичининг бир қатор амалий жиҳатларини айтиб ўтди.
Хусусан, савдо йўналишларини диверсификация қилиш, минтақавий иқтисодий интеграция, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатлар, иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларини, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари, яшил водород ишлаб чиқариш, IТ технологиялари ривожлантириш, инфратузилма ва EIZларга инвестициялар киритиш, рақамли трансформация ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар қайд этилди.
Вазир сессия иштирокчилари эътиборини Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай шароитлар яратилганлиги, хорижий инвестициялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари либераллаштирилганлиги, давлат активларини хусусийлаштириш дастури қабул қилинганлиги, рақамли бошқарув ва электрон давлат хизматлари жорий этилганлиги ҳамда таълим тизими такомиллашаётганлигига қаратди.
Саммит доирасида Лазиз Кудратов БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазир Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ал Гергавий, Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Тоуқ Ал Марри, БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳаил Ал Мазруи, йирик минтақавий ва халқаро компаниялар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди. Суҳбатларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш, инновацияларни жорий этиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ишлаб чиқариш алоқаларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Умуман олганда, Бирлашган Араб Амирликлари ишбилармонлари томонидан Ўзбекистон бозорига киришга ва мамлакатимизда фаолиятини кенгайтиришга ижобий муносабат, ишонч ва садоқат борлиги яна бир бор ўз исботини топди.