Ўрмон хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида табиий ресурслардан фойдаланишни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экологик вазиятни яхшилашда жуда муҳим ўрин тутади. Охирги йилларда кузатилаётган иқлим ўзгариши таъсири, аномал ҳароратнинг кўтарилиши, қурғоқчилик ва чўлланиш даражаларининг ошиши каби муаммоларни этиборга олган ҳолда ўрмончилик соҳасини ҳам жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида бўлгани каби ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон
Ўрмон хўжалиги агентлиги билан ҳамкорликда Наманган вилояти Поп ихтисослашган ўрмон хўжалигида ўрмон ва яйлов майдонларини хатловдан ўтказишнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича тренинг ўтказилди. ФАОнинг Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу тренингда Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлиги, Бирлашган Миллатлар
Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), тўртта ўрмон хўжалиги ва “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти вакиллари иштирок этди.
Ҳозирги шароитда ўрмон экотизимлари тўғрисидаги маълумотларга бўлган талаблар доимий равишда ортиб бормоқда. Маълумотларни реал вақт режимида олиш учун ўрмон хўжалигининг ахборот базасини узлуксиз ривожлантириб бориш зарур. ФАО/ГЭФнинг ушбу лойиҳаси ўрмон экотизимларини доимий мониторинг ва инвентаризация қилишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўрмонларни ташкил қилиш технологияларини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда ўрмон хўжалигининг умумий ахборот тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Тренингда иштирокчилар замонавий дала жиҳозлари, жумладан ўрмон экинлари ҳолатини баҳолаш ва ўрмон майдонларидаги ўлчовлар, шахсий навигаторлар ва ўсимликлар ўсишининг табиий шароитлари, дарахтларнинг таксацион ўлчамлари ва шох-шаббалари кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тавсифлаш ва маълумотлар базасига киритиш учун фойдаланиладиган Field-Map ахборот тизими билан танишдилар. Тренинг давомида маҳаллий мутахассислар Field-Map дастурий таминоти билан танишиш билан бир қаторда, алоҳида синов майдонларида ўрмонлар ва яйловларни инвентаризация қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Иштирокчилар, шунингдек, ўрмонларни барқарор бошқариш амалиётини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўладиган ўрмонларнинг қайта тикланадиган кўрсаткичлари тўғрисида чуқур билимлар олдилар.
Поп ихтисослашган ўрмон хўжалигида ўтказиладиган хатловнинг асосий мақсади нафақат ўрмон ва яйловларнинг ҳолати, балки замонавий навигация воситаларидан фойдаланган ҳолда ўрмон хўжалиги тасарруфидаги бошқа тоифадаги ерлар ҳақида ҳам реал вақт режимида маълумот тўплашдан иборат. Ушбу маълумотлар ўрмонларни самарали бошқариш режасини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади ҳамда вақт ва харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу тренинг Ўзбекистоннинг ўрмон хўжалигини рақамлаштиришда инновацион технологияларни жорий этиш орқали барқарор ўрмон бошқарувини таъминлаш борасидаги интилишида муҳим қадамдир. Ўрмон хўжалиги агентлиги, ФАО ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорлик экологик барқарор келажакни барпо этиш ва келгуси авлодлар учун Ўзбекистон ўрмонларини асраб-авайлашда замонавий билим ва тажрибалардан фойдаланишни таъминлайди.