in

Фарғона вилояти ва Пёнтек шаҳри ўртасида ҳамкорлик янги босқичда давом этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятимизга амалий ташриф билан келган Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри мэри Жонг Чанг Сон бошчилигидаги катта делегация вакилларини қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, Фарғона вилояти ва Пёнтек шаҳри ўртасида йўлга қўйилган алоқалар янги босқичга чиқиб, бугунги кунда ўзининг амалий самараларини бераётгани қайд этилди.

Шунингдек, барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада жадаллаштириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.

Самимий қабул учун миннатдорлик билдирган шаҳар мэри Жонг Чанг Сон ҳамда шаҳар Савдо-саноат палатаси раҳбари Кан-су Ли Фарғона вилояти ва Пёнтек шаҳри ўртасида тўғридан-тўғри йўлга қўйилган алоқалар янги босқичда давом этаётганини таъкидлаб, ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг дастлабки амалий босқичига киришилганини маълум қилишди.

Учрашув давомида иқтисод, савдо-саноат, туризм, спорт ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Самимий руҳда ўтган мулоқотда билдирилган таклифлар асосида ҳамкорлик йўналишларини янада кенгайтириш, шунингдек, режалаштирилган ишлар ижросини жадаллаштириш юзасидан масъуллар белгиланиб, аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.

Маълумки, йирик денгиз портига эга бўлган Пёнтек шаҳри Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида жойлашган. Ушбу шаҳар катта савдо-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, жадал ривожланмоқда.

Шунингдек, у ярим ўтказгичлар, водород иқтисодиёти ва келажак автомобиллари саноати марказларидан бири ҳисобланади.