in

Фарғонада 7 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари режалаштирилган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари билан танишди. 
Кейинги етти йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган. 
Бу йил вилоятда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. 
Энди Фарғона вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2,1 миллиард долларлик 25 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди. 
Лойиҳаларга Австрия, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Қувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган. 
Масалан, Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда Учкўприк туманида қиймати 50 миллион долларга керамик плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.  Бунинг натижасида 500 нафар янги иш ўрни яратилади. Қува туманида Саудия Арабистони инвесторлари билан биргаликда иситиш ва совутиш тизимлари эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қиймати 50 миллион долларлик  ушбу лойиҳа якунлангач, 350 кишининг бандлиги таъминланади.
Мазкур 132 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Президентимиз мутасаддиларга лойиҳаларнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларини тезлаштириш, инвесторлар учун барча шаротларни таъминлаш  бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Telegram- !