Тошкент, Ўзбекистон — “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида “DHMT GLOBAL” хорижий корхонасининг “Очиқ эшиклар куни" тадбири бўлиб ўтди.
Корея Республикасининг “DH MEDIA TECH” компанияси негизида ташкил этилган “DHMT GLOBAL” МЧЖ хорижий корхонаси 2024 йил декабрь ойида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки резиденти сифатида ўз фаолиятини бошлади. Корхона Ўзбекистонда илк бор импорт ўрнини босувчи янги турдаги аудио тизимлар ва овоз кучайтириш мосламаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
“DH MEDIA TECH” компанияси 1994 йилдан буён “Комт” бренди остида аудио тизимлар, жумладан, микрофон, колонка, овоз кучайтириш мосламалари, аудио микшерлар, конференция тизимлари, аудио эквалайзерлар, ДЖ ва овоз ёзиш ускуналари, радио тизимлар каби ўндан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида 2 млн АҚШ доллари қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва 30 та янги иш ўринлари яратилди.
Мамлакатимизда илк бор маҳаллий бренд остида аудио тизимлар – микрофон, колонка, овоз кучайтириш мосламалари каби бир қатор юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Очиқ эшиклар куни”га идора ва ташкилотларнинг аудио тизимлар билан шуғулланувчи вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари таклиф қилинди. Тадбир доирасида таклиф этилганлар корхона томонидан импорт ўрнини босувчи аудио тизимлар ишлаб чиқариш технологик жараёнлари билан таништирилди, шунингдек, тақдимотлар ўтказилди.