in

Ўзбекистон ва AECC Gas Turbine замонавий газ турбиналарини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 22 май куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзот Қосимов Хитойнинг газ турбинали ускуналар ишлаб чиқариш соҳасида етакчи компанияларидан бири — AECC Gas Turbine компаниясининг Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бўйича бош директори Ма Хуалун билан музокаралар ўтказди.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва AECC Gas Turbine ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Суҳбатда айниқса замонавий газ турбинали технологияларни маҳаллий саноат корхоналарида жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой томони ҳамкорликни кенгайтириш ва мазкур ташаббусларда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирган.

Музокаралар якунларида ўзаро англашув меморандумини имзолаш муддатлари ва лойиҳагача бўлган ишларни бошлаш масалалари келишиб олинди.