Тошкент, Ўзбекистон — 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича бош директорати (DG INTPA) ҳузуридаги Марказий Осиё ва Афғонистон бўлими раҳбари Шарлотта Адриан ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар билан учрашди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги қўшма лойиҳалар ижросининг жорий ҳолати ва истиқболдаги устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Рақамлаштириш, транспорт, стратегик хомашё ҳамда сув хўжалиги йўналишларида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мавжуд мулоқот платформалари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларидан янада фаол фойдаланиш орқали муносабатларни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
