Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йил 3 июль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов, Барселона университети проректори Раул Рамос Лабо, Ллеида университети проректори Антони Граноллерс Салтивери ҳамда Урганч RANCH технология университети ректори Журъатбек Атажонов иштирок этди.
Мулоқот чоғида томонлар икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда ўқув дастурлари йўналишларидаги истиқболли ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Маълумки, Барселона университети — Испаниянинг етакчи, 1450 йилда ташкил этилган, QS рейтингида дунёдаги энг яхши 200 университет қаторига кирган илмий марказ бўлиб, 5000 дан ортиқ тадқиқотчилар фаолият юритади. Ллеида университети эса Испанияда илк бор ташкил этилган университетлардан бири бўлиб, муҳандислик, аграр фанлар ва табиий илмлар соҳасидаги дастурлари билан танилган.
Учрашувда Урганч RANCH технология университети ва мазкур испаниялик ҳамкор университетлар ўртасида сўнгги йилларда йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари натижалари ҳам қайд этилди. Жумладан, 2024 йилда Барселона ва Ллеида университетлари билан ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар имзоланган, ҳамкорликнинг иккинчи босқичини амалга ошириш мақсадида ишчи ташрифлар уюштирилган.
Томонлар мазкур ҳамкорликни стратегик босқичга олиб чиқишга, ўзаро лойиҳаларни амалга оширишга ва таълим соҳасидаги алоқаларни институционал асосда мустаҳкамлашга келишиб олдилар.