Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Кўксарой қароргоҳида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.
Етакчилар очиқ ва дўстона муҳитда, конструктив ва ишончли мулоқот руҳида ўтган учрашувлар натижаларини юқори баҳоладилар.
Давлатимиз раҳбари Кореяни жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган мамлакатлардан бири, Ўзбекистоннинг вақт синовларидан ўтган алоҳида стратегик ҳамкори эканини таъкидлади.
Корея раҳбарининг бу галги ташрифи давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги ва алоҳида стратегик шерикликнинг 5 йиллигига тўғри келаётгани қайд этилди.
– Корея давлати биздан анча олисда жойлашган бўлса-да, халқларимизнинг урф-одат ва қадриятлари, маънавий олами ва дунёқараши бир-бирига ўхшашдир. Биз яқин дўст сифатида олижаноб ва бағрикенг корейс халқи эришаётган катта муваффақиятлардан беҳад қувонамиз ва фахрланамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан биридир.
Мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган корейс инвестицияларининг умумий ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди. Сўнгги йилларда ўзаро савдо икки баробар ўсиб, 2,5 миллиард долларни ташкил этди.
Юртимизда корейс сармояси иштирокидаги 726 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Саноат, энергетика, автомобилсозлик, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, IT соҳаси ва бошқа муҳим йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон раҳбари корейс ҳамкасби билан музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилангани, янги режа ва марралар олинганини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг барча механизмларига тизимли тус бериш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро савдода мувозанатни таъминлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўмита ва ташқи сиёсат идоралари ўртасида Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.
Ўзбекистон раҳбари Корея Президенти билан бирга мамлакатимизга катта ишбилармонлар делегацияси келганини мамнуният билан таъкидлади.
Бугунги бизнес форумида Кореянинг 80 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этаётгани ва 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар тўплами тайёрлангани савдо-иқтисодий ҳамкорликка кучли туртки беришига ишонч билдирилди.
Яқин йилларга мўлжаллаб Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда етакчилар Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб ташкил этиш бўйича Стратегик дастурни тайёрлашга келишиб олдилар.
Ўта муҳим минерал ресурслар, яримўтказгичлар, кимё, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегиянинг таянч йўналишлари сифатида белгиланди.
Давлатимиз раҳбари корейс компаниялари билан ҳамкорликнинг айрим устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.
Масалан, ўта юпқа мис фольгаси, “яшил” водород, аммиак, агрокимё, яримўтказгичлар ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар мавжуд. Ўзбекистон автомобиль русумлари қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан манфаатдор. Қишлоқ хўжалиги соҳасида Кореянинг “яшил” ва “ақлли” технологияларини трансфер қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилган.
Корея компаниялари давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этади.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистоннинг анъанавий ҳамкорлари – Эксимбанк, EDCF жамғармаси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
EDCF билан умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган янги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Кореянинг ривожланиш институтлари билан самарали ҳамкорликка яна бир ёрқин мисол – замонавий кўп тармоқли болалар клиникаси ишга туширилгани. Қўшма университет, катталар шифохонаси ва онкологик клиникага эга ноёб тиббий кластер қурилиши бўйича янги лойиҳаларни тезлаштиришга келишиб олинди.
Томонлар, шунингдек, касбий таълим ва меҳнат миграцияси, экология ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Музокаралар чоғида етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан позициялар ўхшашлигини тасдиқладилар.
Давлатимиз раҳбари келгуси йил Сеулда “Марказий Осиё – Корея” форматидаги биринчи саммитни ўтказиш таклифини маъқуллади ва Президент Юн Сок Ёлнинг Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича қатъий қадамларини қўллаб-қувватлади.
Маданий-гуманитар соҳада томонлар 2025 йилни “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алмашинувлар йили” деб эълон қилишга келишиб олдилар. Унинг доирасида ўзаро маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим, тил ва спорт форумлари, санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари, туризм тадбирлари ўтказилади.
Умуман, Ўзбекистон ва Корея Президентлари замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдилар.
– Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион шерикликнинг янги даври” бошланмоқда. Бугун имзоланган Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ва йигирмага яқин бошқа ҳужжатлар бу эзгу ниятларимизга хизмат қилишига аминман, – деди давлатимиз раҳбари.
Барча эришилган келишувларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилинади.
Шунингдек, қўшма режаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тезлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари лойиҳаларни назорат қилиш ва кўмаклашиш бўйича кўп босқичли механизмни жорий этишни таклиф қилди.
in Иқтисод