in

Ўзбекистон ва Хитой қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой Халқ Республикасининг “WANLIN Group” компанияси директори Ли Ян Тао билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида томонлар аграр соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, “Хитой тажрибаси асосида Ўзбекистонда пиёз, сабзи, саримсоқ пиёз каби сабзавот маҳсулотларини етиштириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз аграр тармоғига янги агротехнологияларни жорий этиш, уруғчиликни ривожлантириш, илмий изланишлар ва инновациялар, шунингдек, тажриба алмашувини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. 

Учрашув якунида “Хитой тажрибаси асосида Ўзбекистонда пиёз, сабзи, саримсоқ пиёз каби сабзавот маҳсулотларини етиштириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Англашув Меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат, айниқса, сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш жараёнларида замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишида муҳим ўрин тутади.