in

Ўзбекистон Озарбайжон тўқимачилик бозорида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Элчихонаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 11–15 апрель кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида тўқимачилик соҳасида ишбилармонлик миссияси ташкил этилди.

Мазкур ташрифда Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи 15 та етакчи корхонаси иштирок этди.

Ушбу ишбилармонлик миссиясининг асосий мақсади Озарбайжон бозорида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига бўлган қизиқишни янада ошириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат.

Миссия доирасида қуйидаги йўналишларда самарали ишлар амалга оширилди:

B2B учрашувлар – Озарбайжон тўқимачилик корхоналари уюшмаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар кўмагида йирик импортёрлар, улгуржи харидорлар ва байерлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилди;

Бозор таҳлили – Озарбайжондаги йирик савдо тармоқлари фаолияти ўрганилиб, маҳсулотларнинг нарх сиёсати бўйича қиёсий таҳлиллар амалга оширилди;

Саноат объектларига ташрифлар – маҳаллий тўқимачилик корхоналари ва ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишилди.

Мазкур ишбилармонлик миссияси натижасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини халқаро бозорларда кенг тарғиб этиш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.