in

Ўзбекистонда M&M’s брендини кўчирган ишлаб чиқарувчига нисбатан чора кўрилди

Тошкент, Ўзбекистон — Чет эл корхонаси ҳисобланган “Маrs, Inсоrроrаtеd” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишда “M&M’s” товар белгисидан фойдаланишини маълум қилиб, Тошкент вилоятида фаолият олиб борувчи “CLASS-FOOD-SERVIS” МЧЖнинг “S&S’s” товар белгиси остида ишлаб чиқарилган ва сотилаётган маҳсулотлар орқали унинг ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги юзасидан (ишончли вакили орқали) Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида, Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” ДМнинг хулосасига мувофиқ, “CLASS-FOOD-SERVIS” МЧЖнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлар этикеткасида фойдаланиб келинаётган “S&S's” белгиси “Маrs, Inсоrроrаtеd” компаниясига тегишли “M&M's” товар белгилари билан тасвирий ва график жиҳатдан адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги ўз тасдиғини топди. Бу билан “CLASS-FOOD-SERVIS” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талаби бузилган деб топилди.

Юқоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатига мувофиқ, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “CLASS-FOOD-SERVIS” МЧЖга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори талаблари бузилиш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 694-сонли қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасининг 6-бандида, аввал фуқаролик муомаласига киритилган товар, иш ва хизматларнинг ташқи безатилиши ва шакли, номи, тамғаланиши, этикеткаси, ўрови, ранглар уйғунлигини такрорлаш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни фуқаролик муомаласига киритиш ҳамда рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқни олиш орқали аввал фуқаролик муомаласига киритилган товарнинг реализация қилинишини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этиш инсофсиз рақобат белгиларидан бири эканлиги белгиланган.