in

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таклифлар тақдимот қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда 3 миллион гектар яйлов ва экин ерлари деградацияга учраган, 2 миллион гектарга яқини турли даражада шўрланган. Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб, минтақамизда сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда. Бунинг чораларини ҳозирдан кўриш зарур.
Шу боис қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 миллион доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилиш назарда тутилган.
Жумладан, Оролбўйида 1 миллион гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади.
Иқлим ўзгаришини таҳлил ва башорат қилиш бўйича марказ тузилиб, 5 та вилоятда агрометеорология станциялари ўрнатилади. Шунингдек, Италия билан ҳамкорликда Интенсив уруғчилик ва кўчатчилик халқаро маркази, шўрга ва сувсизликка чидамли экинлар бўйича уруғчилик хўжалиги ташкил этилади.
Сувни тежаш масаласи, айниқса, Амударёнинг қуйи минтақасида долзарб. Шу боис, яна бир ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистонда ерни лазерли текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш режалаштирилмоқда. Яъни, пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчиларга лазерли текисланган ҳар бир гектар майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажати 100 фоизгача қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидия берилади.
Биринчи босқичда бу Тўрткўл, Беруний ва Амударё туманларида амалга оширилади. Бундай майдонларда ҳосилдорлик ўртача 5-7 центнерга ошади ва сув сарфи 15-20 фоиз тежалади.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ер майдонларидан самарали фойдаланиш режалари ҳам баён қилинди.
Хусусан, институтнинг Бандихон илмий-тажриба станциясидаги 142 гектар ер қайтадан фойдаланишга киритилади. 300 гектар майдонда сув тежайдиган замонавий технологиялар ўрнатилиб, экспортбоп мева ва узумзорлар барпо этилади.
Қизилтепа туманидаги Навоий илмий-тажриба станциясида узум кўчатчилиги бўйича тажриба хўжалиги ташкил этилиб, Франция ва бошқа давлатларнинг экспортбоп навлари кўчати олиб келинади. Ҳар икки станцияда сув таъминотини яхшилаш учун энергия тежамкор насос агрегати ва трансформатор ўрнатилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксизлигида иссиқхоналарнинг алоҳида ўрни бор. Сўнгги йилларда уларнинг майдони 2,6 баравар, маҳсулот етиштириш ҳажми 3 баравардан зиёд ошган. Ушбу тармоқда 80 минг аҳоли доимий ва 70 минг нафари мавсумий иш билан банд.
Иссиқхона хўжаликларининг самардорлигини ошириш мақсадида хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини, кўмир қозони сотиб олиш харажатларининг 20 фоизгача қисмини қоплаш таклиф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳар доим соҳани илмий ривожлантириш талабини қўяди. Шу мақсадда Толали экинлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Институтда янги йўналишдаги толали экинлар бўйича тадқиқот ишлари йўлга қўйилади. Тармоқда илмий натижаларга асосланган янги технологиялар, асбоб-ускуналар жорий этилади. Фан ва ишлаб чиқариш самарали боғланиб, пахта-тўқимачилик корхоналари рентабеллиги ортади. Пахта, каноп ва зиғир ҳомашёларидан олинадиган маҳсулотларнинг халқаро стандарт талабларига мослиги таъминланади.
Президентимиз бу таклифларни такомиллаштириб, манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Telegram- !