Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда Жаҳон банкининг молиявий иштирокида мамлакатимизнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий тармоқларидаги лойиҳаларни амалга оширишга масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ҳозирги кунда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги портфели 4,65 миллиард доллар атрофидаги умумий молиявий мажбуриятга эга 23 та лойиҳани ўз ичига олади. Уларнинг катта қисми — 3,4 миллиард доллар (Жаҳон банкининг мамлакатдаги умумий инвестицияларининг тахминан 75 фоизи) Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан тақдим этилган имтиёзли кредитлар ҳисобига молиялаштирилмоқда.
Учрашувда Жаҳон банки жамоаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳузуридаги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳлари (ЛАОГ) юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, лойиҳа фаолияти Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, бошқа лойиҳалар доирасидаги харид жараёнларини такомиллаштириш бўйича биринчи чора-тадбирлар, шунингдек, ЛАОГнинг оператив фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Ўзбекистонда энергетика, қишлоқ хўжалиги, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, ирригация, сув таъминоти ва канализация, деградацияга учраган ерларни тиклаш, шунингдек, солиқ ва инновацион тизимларни такомиллаштириш мақсадида ЛАОГ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга ҳисса қўшадиган муҳокама қилинган лойиҳаларнинг мақсад ва натижаларига ўз вақтида ва самарали эришиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.