Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 26 март куни Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Яссер Абдиҳ бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Бунда, мамлакатимизда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, вазирлик мутассаддилари томонидан тайёрланган тақдимотда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси, иқтисодий ўсишнинг омиллари, ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлар, шунингдек, ички ва ташқи хатарлар муҳокама қилинди.
ХВЖ вакиллари макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юқори баҳоладилар ҳамда иқтисодий сиёсатда мувозанатли ёндашувни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бундан ташқари, ХВЖ вакиллари томонидан глобал иқтисодий ўсиш суръатлари, жаҳон иқтисодиётидаги кутилмалар ва ташқи хатарлар юзасидан фикр алмашилди.
