in

Ўзбекистон Хитойнинг Эксимбанки билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Илзат Касимов Хитой Эксимбанки бош менежери Сун Ин ҳамда "Хитой-Эвросиё иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси" раҳбари Чен Чжоу билан учрашув ўтказди.

Хитой Эксимбанки 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, инфратузилма лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратишга ихтисослашган йирик давлат молиявий институтидир. 2024 йил якунига кўра, банк активлари миқдори 819,8 миллиард долларни ташкил этди.

Учрашув давомида томонлар молиявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Жорий йилнинг 16 июнь куни 5-Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтадиган "Ўзбекистон–Хитой ва ШҲТ мамлакатлари" иқтисодий форуми ҳамкорликдаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Эксимбанк вакиллари ушбу форумга Хитойнинг етакчи компанияларини жалб этишга тайёр эканликларини билдирдилар. Мулоқот якунида стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.