Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўзининг навбатдаги ялпи мажлисида Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди ва қарор қабул қилди. Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳисобот берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар кучайиб, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар чуқурлашаётганлигига қарамай мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишга эришилмоқда. Кенг қамровли ислоҳотларнинг давом эттирилиши, тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилган дастурларнинг амалга оширилиши аҳоли фаровонлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатди.
2025 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг ҳажми 2024 йилга нисбатан 7,7 фоизга, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлган хизматлар соҳаси 14,7 фоизга ва қурилиш соҳаси 14,2 фоизга ҳамда саноат соҳаси 6,8 фоизга ўсди. Шунингдек, мамлакатда йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд. долларга тенг бўлди. Иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар натижасида 2025 йилда жами 591,1 трлн. сўмлик асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга ошди.
Давлат буджети даромадлари 2024 йилга нисбатан 116,6 фоизга, Давлат буджети харажатлари эса 99,3 фоизга бажарилган. Давлат буджети маблағларининг 47,0 фоизи ёки 180,4 трлн. сўми ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштиришга сарфланиб, ушбу харажатларнинг 86,5 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.
Ҳисобот даврида иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ўз вақтида тўлаб берилган ҳамда инфлациядан кам бўлмаган миқдорда оширилган.
Муҳокамаларда депутатлар давлат буджетининг ижроси аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этдилар.
Халқ вакиллари таълим соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, соҳани ривожлантириш учун буджетдан 84,2 трлн. сўм ёки 2024 йилга нисбатан 12,9 трлн. сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилигидаги болалар боғчаларига қарийб 4,0 трлн. сўм субсидия ажратилган. Бунинг натижасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 мингтага етиб, улардаги болалар қамрови 1 миллиондан ошган.
Ҳисобот даврида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалалари халқ вакилларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, соҳага 43,3 трлн. сўм маблағ йўналтирилгани алоҳида қайд этилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 7,2 трлн. сўмга кўпдир. Бундан ташқари, давлат тиббий суғуртаси тизими билан қамраб олинган тиббиёт муассасалари томонидан 21,6 трлн. сўм маблағ сарфлангани депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Халқ вакиллари 2025 йилда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсациялар учун ажратилган 14,5 трлн. сўм буджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини муҳокама қилдилар. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестридаги, шунингдек, мезонларга мос келувчи бошқа кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация тўловлари ўз вақтида етказилганлиги бўйича масъуллардан тегишли тушунтиришлар олинди.
Муҳокамада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини изчил оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат буджети жами харажатларининг қарийб 11,9 фоизи ёки 45,5 трлн. сўм маблағ йўналтирилганлиги Янги Ўзбекистоннинг “ижтимоий давлат” конституциявий мақомига уйғун ҳолат сифатида баҳоланди.
Халқ вакиллари эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда ҳисобот даврида давлат буджети ижросида мавжуд айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар. Буджет ижроси ҳисоботида буджетдан ташқари жамғармаларнинг молиявий айланмалари бўйича маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, буджет даромадларини кўпайтириш ва молиявий назоратни кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар берилди.
Муҳокамаларда ҳисобот даврида буджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамасдан айрим вазирлик ва идоралар томонидан буджетдан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги депутатлар эътирозларига сабаб бўлди. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар, Спорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Инвестициялар, саноат ва савдо, Энергетика каби вазирликларда буджет харажатлари ижроси режага нисбатан тўлиқ бажарилмаганлиги танқид қилинди.
Ҳисобот йилида ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида жами 827,3 млрд. сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларнинг олди олинган бўлсада, бу борадаги ишлар ҳали суст ва етарли даражада самара бермаётганлигига эътибор қаратилди. Буджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш, камомад ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари ҳамон учраб турганлиги, молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилаётганлигини халқ вакиллари танқидий баҳоладилар. Ички аудит хизмати сифатини ошириш, буджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида соҳада рақамлаштириш жараёнларини кескин жадаллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Давлат буджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.
