Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни “Асакабанк” ва Бизнесни ривожлантириш банкининг инвестиция фаолияти ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга оид тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда инвестиция жараёнлари фаол, иқтисодий лойиҳалар талай. Шунга мос равишда банкларнинг бундаги иштироки ошиб, инвестицион фаолияти кенгайиб бормоқда.
Тақдимотда “Асакабанк” ва Бизнесни ривожлантириш банкининг шу борадаги жорий йилги режалари кўриб чиқилди.
Хусусан, “Асакабанк” бу йил лойиҳаларга 2,1 миллиард доллар жалб қилиб, уларни тўлиқ ўзлаштиришни мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари, фармацевтика ва автомобиль саноатида жами 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилган.
Шунингдек, “Асакабанк” иштирокида 285 минг аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланган.
Бизнесни ривожлантириш банкининг тақдимотига кўра, 2024 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ва инвестиция лойиҳаларига жами 1,5 миллиард доллар жалб қилинади. Шундан 225 миллион доллари халқаро молия институтларидан олиб келинади. Ушбу маблағларни ўзлаштириш орқали йил якунигача жами 47 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилади.
Шунингдек, аҳолининг бизнес ғояларини молиялаштириш орқали 380 мингта ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Банкнинг ўқитиш дастурлари билан 70 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олиш белгиланган.
Давлатимизнинг фаол ташқи сиёсати натижасида ҳамкор мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан кўплаб келишувларга эришилган. Жумладан, “Асакабанк” иштирокида 772 миллион долларлик 87 та, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 485 миллион долларлик 45 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Тақдимотда ушбу муҳим лойиҳаларнинг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари банклар барча мижозлари билан манзилли ишлаб, лойиҳанинг ҳар бир босқичида кўмаклашиши зарурлигини, бунинг натижаси янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллаларда камбағалликнинг қисқаришида ўз ифодасини топиши кераклигини таъкидлади.
Банклар ўз ишини янгича ташкил қилиб, фақат кредит ажратадиган марказ эмас, балки ўзи истиқболли лойиҳаларни амалга оширадиган ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга тақдим этадиган замонавий инвестиция-тижорат тузилмасига айланиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Тақдимотда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш жараёнларини рақамлаштириш ва уларнинг шаффофлигини янада ошириш, замонавий дастурий ечимлар ва инновацияларни жорий қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
in Молия