in

Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси баҳоланди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси: 2024-йилнинг III-чораги учун Херфиндал-Хиршман индекси янгиланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон банк секторида рақобат динамикаси Херфиндал-Хиршман индекси (HHI) асосида баҳоланди.

Ушбу кўрсаткич бўйича мавжуд бозорлар рақобат даражасига кўра 3 гуруҳга бўлинади: HHI 2500 дан 10000 гача бўлса, рақобат даражаси паст, HHI 1500 дан 2500 гача бўлса, рақобат даражаси ўртача, HHI 1500 дан паст бўлса, рақобат даражаси юқори. 

HHI кўрсаткичига кўра, 2019-йилнинг апрель ойидан бошлаб депозитлар, активлар ва кредитлар бозорида юқори рақобат даражаси кузатилмоқда.

Яъни ушбу даврдан бошлаб HHI кўрсаткичи 3 та кўрсаткич бўйича ҳам 1500 дан паст шкалада шаклланиб келмоқда.

Активлар. 2024-йилнинг 1-октябрь ҳолатига кўра, тижорат банклар активлари бўйича ҳисобланган HHI 839 бирликни (2023-йилнинг мос даврида 907 бирлик) ташкил этди ва ўтган чоракдагига нисбатан 23 бирликка яхшиланди. 2024-йилнинг III-чорагида активлар ҳажми 738,7 трлн. сўмга етди ва II-чорак билан таққослаганда 48,3 трлн. сўмга, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 123 трлн. сўмга ошди. 

Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг жами банк тизими активларидаги улуши ўтган йилнинг III-чорагидагига нисбатан 2 фоиз бандга ошиб, 33 фоизни ташкил этган бўлса, давлат улуши мавжуд бўлган иккита энг йирик банк – “Ўзмиллийбанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг улуши 1,8 фоиз бандга камайди. Қолаверса, Қозоғистоннинг “Евросиё банки” шўъбаси ҳам хусусий банк сифатида фаолиятини бошлади ва 1-октябрь ҳолатига кўра, мазкур банкнинг жами активлардаги улуши 0,03 фоизни ташкил қилди. 

Шунингдек, ушбу даврда “Пойтахтбанк” Бирлашган Араб Амирликларининг “Bond Investments limited” LLC (МЧЖ) томонидан сотиб олиниши натижасида хусусий банклар қаторига қўшилди. Бу эса хусусий банклар ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг жами банк тизими активларидаги улуши 0,04 фоиз бандга ошишига олиб келди.

Кредитлар. Кредитлар бозорида ҳам рақобат даражаси яхшиланиб, 1-октябрь ҳолатига кўра, HHI индекси 943 бирликни (2023-йилнинг мос даврида 986 бирлик) ташкил қилди. Тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 14,2 фоизга ошиб, 515,6 трлн. сўмга етди. Шундан жисмоний ва юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми мос равишда 22 фоизга ва 11 фоизга ошди. Тармоқлар кесимида саноат 14 фоизга, қишлоқ хўжалиги 12 фоизга, савдо ва хизматлар 10 фоизга ошди.

Давлат улуши мавжуд бўлган топ-3 та банкнинг (“Ўзмиллийбанк”, “Агробанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”) жами кредит портфелидаги улуши 2024-йилнинг II-чорагидагига нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайди. 

Миллий валютада жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 1-октябрь ҳолатига кўра, 23,8 фоизни (2023-йилнинг мос даврида 24,4 фоиз), юридик шахслар учун 22,7 фоизни ташкил этди.

Депозитлар. Депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 2024-йилнинг III-чорагида II-чоракдагига нисбатан 36 бирликка яхшиланиб, 
657 бирликни (2023-йилнинг мос даврида 670 бирлик) ташкил қилди. Бу эса депозитлар бозорида рақобат даражаси активлар ва кредитлар бозоридагига қараганда юқори эканлигидан далолат беради. Мазкур даврда хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар ўртасида ички рақобат кучайиб, ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда “Ипак йўли банки”нинг жами депозитлар ҳажмидаги улуши 0,8 фоиз бандга, “Анорбанк” ва “Ипотекабанк”да 0,7 фоиз бандга, “Ҳамкорбанк” ва “ТБC банк”да 0,3 фоиз бандга ошди. Лекин, давлат улуши мавжуд бўлган 3 та йирик банкнинг жами банк тизими депозитларидаги улуши 0,9 фоиз бандга камайди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 1-октябрь ҳолатига кўра, мос равишда (йиллик ҳисобда) 22 фоизни ва 16,2 фоизни ташкил қилди.