Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражаси таҳлил қилинди.
Мазкур таҳлилда рақобат динамикасини баҳолашда халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган Херфиндал–Хиршман индексидан (HHI) фойдаланилди.
Ушбу концентрация кўрсаткичининг ўзгариш динамикасини кузатиш бозорда монополия даражасини баҳолаш ва рақобатни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни кўриш имконини беради.
Активлар. 2024-йилнинг биринчи чорагида активлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 25 бирликка яхшиланиб, 867 ни ташкил этди.
Бунда, жорий йилнинг 1-апрель ҳолатига кўра, тижорат банкларининг жами активлари ҳажми 665,6 трлн. сўмга етиб, йил бошидагига нисбатан 13,5 трлн. сўмга, 2023-йилнинг 1-апрель ҳолати билан таққослаганда эса 101 трлн. сўмга ошди.
Давлат улуши мавжуд бўлган банкларнинг жами активлардаги улуши 1 фоиз бандга камайиб, 67 фоизни ташкил қилди. Жумладан, “Асакабанк”нинг жами активлардаги улуши 0,6 фоиз бандга (8,90 фоиздан 8,27 фоизга), “Ўзмиллийбанк”ники
0,5 фоиз бандга (19,55 фоиздан 19,01 фоизга) ва “Микрокредиебанк”ники 0,1 фоиз бандга (2,92 фоиздан 2,84 фоизга) камайган.
Кредитлар. Кредит қўйилмалари бўйича ҳисобланган HHI 2024-йилнинг 1-апрель ҳолатига кўра, 973 бирликни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос давридагига (1042) нисбатан 69 бирликка яхшиланди. Давлат улуши мавжуд бўлган банклар томонидан ажратилган кредитларнинг жами банк тизими кредитларидаги улуши 1 фоиз бандга пасайган.
2024-йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг жами кредитлар қолдиғи 1,5 фоизга ўсиб, 478 трлн. сўмни ташкил этди.
Жумладан, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ўтган йилнинг биринчи чораги билан таққослаганда 40 фоизга ошган. Бунда таълим кредитлари ҳажми 97 фоизга, истеъмол кредитлари ҳажми 66 фоизга, микроқарзлар ҳажми 64 фоизга ва ипотека кредлари ҳажми 24 фоизга ўсган.
2024-йилнинг март ойида миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари декабрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 0,4 фоиз бандга пасайиб, 23,6 фоизни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида кучли рақобат билан биргаликда инфляция даражаси барқарорлашувини кўрсатади.
Депозитлар. 2024-йилнинг 1-апрель ҳолатига кўра, депозитлар ҳажми 243 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан қарийб 30 трлн. сўмга кўп. Таҳлил қилинаётган даврда депозитлар бўйича ҳисобланган HHI индекси 720 бирликдан 674 бирликка яхшиланган.
Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар томонидан жалб қилинган депозитларнинг жами жалб қилинган депозитлардаги улуши ўтган йилнинг биринчи ва тўртинчи чоракларида мос равишда 39 ва 49 фоизни ташкил қилган бўлса, 2024-йилнинг биринчи чорагига келиб, 50 фоизга етди. Жумладан, “Капиталбанк” улуши 0,6 фоиз бандга (12,45 фоиздан 13,08 фоизга), ЎзКДБ (2,6 фоиздан 3 фоизга) ва “Анорбанк” улуши (1,5 фоиздан 1,9 фоизга) 0,4 фоиз бандга ошган.
2024-йилнинг 1-апрель ҳолатига кўра, депозитларнинг долларлашув даражаси 29,8 фоизни
ташкил этди. Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари 2024-йилнинг биринчи чорагида 2023-йилнинг декабрь ойидагига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошиб, 19,9 фоизни ташкил қилди. Депозит фоиз ставкаларининг ошиши банклар ўз мижозлари учун янада жозибадор шарт-шароитларни таклиф қилишга интилаётганидан ва рақобат даражаси кучайганидан далолат беради.