in

Депутатлар суғурта хизматларини реклама қилиш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Реклама тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг суғуртага оид саводхонлигини мустаҳкамлаш учун оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини йўлга қўйиш зарурати мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот этиб белгилаш ҳамда ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари сифатида соҳалардаги ваколатли давлат органларини ҳам киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси суғурта бозори профессионал иштирокчилари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида истеъмолчиларни кенг қамровли ва ишончли ахборот билан таъминлаш орқали уларнинг бу хизматлардан фойдаланишида қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолида эса суғурта хизматларига бўлган ишончни орттиришни назарда тутади.

Фракция аъзоси Козим Тожиев ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдириб, уни ишлаб чиқишга асослар етарли бўлганини, мақсад ва ғоялар эзгу эканини таъкидлади. Шу билан бирга, суғурта компанияларининг ўзларига ҳам фаолият рекламаси билан бирга тарғиботини ҳам олиб бориш мажбурият юклаша таклифини илгари сурди.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси аҳолини суғурта бозори билан боғлиқ ишончли ахборотлар билан таъминлаш орқали уларнинг ушбу хизматлардан фойдаланишида қулай шарт-шароитлар яратиши, суғурта хизматларига бўлган ишончининг янада ортишига хизмат қилишидан келиб чиқиб, лойиҳани қўллаб-қуватладилар.