Тошкент, Ўзбекистон — 17 ёшгача бўлган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё кубогининг гуруҳ босқичини D гуруҳида биринчи ўринда якунлади. Жамоа мусобақадаги иккинчи учрашувида Австралияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Австралия терма жамоасига қарши баҳсда Ўзбекистон жамоаси устунлик қилди ва ҳисоб 28-дақиқада очилди. Миркомил Муродов чап қанотда тўпни қабул қилиб, аниқ зарба билан уни дарвозанинг ўнг бурчагига йўллади ва жамоасини олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида, 45-дақиқада Ўзбекистоннинг устунлигини Ахрор Равшанбеков икки бараварга оширди. Чап қанотдан ташкил этилган ҳужум натижасида у марказий ҳудудда тўпни қабул қилиб, тахминан олти-етти метр масофадан дарвозага аниқ зарба берди.
Гуруҳ босқичи якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси олти очко тўплаб, D гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Австралия жамоаси уч очко билан иккинчи поғонадан жой олди.
Турнирнинг чорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси C гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоага қарши майдонга тушади. Австралия эса ушбу гуруҳ ғолиби билан баҳс олиб боради. Ҳар икки учрашув 16 май кунига белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритгани хабар қилинган эди.
